ВЕТЕРИНАР МАСЛАҲАТИ: КАНАДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ...

Хабарингиз бор, қўмита томонидан эпизоотик барқарорликни таъминлаш мақсадида республикамиз бўйлаб “Долзарб етмиш кунлик” сафарбарлик ойлиги ташкил этилди.
Мазкур сафарбарлик ойилиги доирасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари ҳайвонларда учраб турадиган касалликлар профилактикаси ва эмлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш билан бирга оммавий ахборот воситаларида уларнинг олдини олиш ва даволаш хусусида ҳам тушунчалар бериб бормоқда.
Қуйида қўмитанинг Ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Раҳматуллаевнинг чорва молларида мавсумий учрайдиган қрим-конга касаллигининг олдини олиш ва профилактикаси хусусидаги тавсиялари билан танишасиз.
– Кунлар исиши билан бошқа ҳашаротлар қатори қон сўрувчи каналарнинг ҳам уйғониши ва фаоллашуви кузатилади. Улар орасида инсон ҳаёти учун хавфли саналган қрим-конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларини ташувчи – иксод каналари ҳам мавжуд.
Касаллик қўзғатувчи вирус каналарда умрбод, ҳайвонларда вақтинча сақланади ва бугунги кунгача ҳайвонларнинг вирус ташувчанлик даври аниқланмаган.
Ушбу касаллик билан ҳайвонлар касалланмайди ва клиник белгилар намоён қилмайди. Қорамоллар касаллик қўзғатувчи ва ташувчи каналар учун резервуар вазифасини бажаради.
Олимларнинг маълумотига кўра, Ўзбекистонда каналарнинг 100 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, каналарни табиатдан ажратиб олиш ва мутлақо тугатишнинг имкони йўқ. Улар 20 000 тагача тухум қўяди ва ҳид билиш рецепторлари ўта ривожланган бўлиб, 1 км гача масофадан сеза олади. Улар озуқасиз, кесак, тош ва бошқалар оралиқларида 10 йилгача яшаши мумкин. Касаллик вируси каналарнинг тухумларига ҳам ўтади ва каналарда умрбод сақланади.
Молхона, қўра ва қўтонларнинг тупроқлари, лой деворлар кана кўпайиши учун қулай шароит ҳисобланади.
Касаллик асосан эрта баҳордан кузга қадар каналарнинг фаоллашуви билан ҳайвонларда паразитлик қилиши ва санитария-гигиена талабларига риоя этилмаганда инсонларни чақиши натижасида содир бўлади. Чўпонлар, подачилар, овчилар, қирқимга вақтинчалик жалб этилганлар орасида кўпроқ учрайди.
Одамларга асосан майда ва йирик шохли қорамолларнинг каналарини териш, жунини олиш ёки чўл ҳудудларида молларни боқиш жараёнида кана чақиши орқали, шунингдек, вирус бемор қони билан мулоқотда бўлган соғлом киши терисига ва шиллиқ пардасининг шилинган жойига тушганида юқади.
Қрим-конго геморрагик иситма касаллиги одамларга юқишининг олдини олиш мақсадида қуйидагиларга риоя қилиш тавсия этилади:
А) Ҳайвонлар сақланадиган молхона, қўра-қўтонларда мунтазам равишда каналарга қарши дезинсекция ишларини амалга ошириш;
Б) Майда шохли молларнинг жунини қирқиш ёки яйловга чиқариш олдидан каналарга қарши чўмилтириш;
Г) Чорва молларига қарайдиган, жунини қирқишга жалб этилганлар махсус ҳимоя кийимида бўлиши;
Д) Чорва молларини мавсумий боқиш мақсадида олиб чиқиладиган яйловларни каналар билан зарарланиш ҳолатларини ўрганиш;
Е) Ҳайвонлар сақланадиган молхоналарни одамлар яшаш жойидан санитария тартиблари бўйича жойлаштириш;
Ё) Касалликнинг ижтимоий хавфи тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш, тиббиёт ва ветеринария соҳаси мутахассислари ҳамда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда суҳбатлар ташкил этиш.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси "Ветеринария тўғрисида"ги қонунининг 19-моддасида ҳайвон эгалари молхона, қўра-қўтон ва бошқа объектларда дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ишларини ўз вақтида ўтказишга мажбур эканлиги белгиланган. Уларнинг бу ишни амалга ошириши учун республикамизда дезинфекция, дезинсекция ва чўмилтириш воситалари етарли миқдорда таъминланган.
Шунингдек, хусусий ветеринария дорихоналарида сотуви йўлга қўйилган.