РАСМИЙ МУНОСАБАТ: ЮРТИМИЗ ЧОРВАНИНГ ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРИДАН ХОЛИ ҲУДУД!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутасаддиси Жасур Ҳусанов ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда “овсил” вирусли касаллиги тарқалаётганлиги бўйича хабар жўнатиб, расмий муносабат билдиришимизни сўради.
Мазкур хабар эпизитоолог, вирусолог ва бошқа мутахассислар билан муҳокама қилинганида чорвачиликда “овсил” касаллиги йўқлиги маълум бўлди. Шу боис, АОКА вакилига расмий муносабат билдириш учун зарурат йўқлигини айтдик.
Аммо Ж.Ҳусанов дегани гапдан қолмайдиганлар хилидан экан...
“Овсил”ни чуқурроқ ўрганиш асносида ҳайвонларнинг юқумли касалликлари хусусида ветеринария фанлари доктори, профессор Хайит Салимовга мурожаат қилдик.
– Чорвачиликда “овсил” касаллиги учрамайди!
Лекин жаҳон ветеринариясида “оқсил” деган дард қайд қилинган. Энг қизиғи, охирги беш йилликда Ўзбекистон ҳудудида оқсил касаллиги учраши илмий исботланмаган. Оқсилга ўхшаш касалликлар учрагани билан лаборатория ташхисида ўзининг тасдиғини топмаган. Кўпинча ушбу касаллик қорамолларнинг камида 4-5 хил касаллиги билан ўхшаш ҳолатда ўтади. Уларнинг ичида бисфуляр стоматит, герпесга ўхшаш касалликлар, ринотрахит бор. Шу кунгача лаборатория ташхисида айнан оқсил касаллиги симптомлари учрамаган.
– Шу ўринда оқсил ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз...
– Оқсил – Ўткир кечувчи, ўта тез тарқалувчи инфекцион вирус касаллиги бўлиб, у билан жуфт туёқли қишлоқ хўжалиги ва ёввойи ҳайвонлар касалланади. Халқ хўжалигига катта иқтисодий зарар етказади.
Касалликни қўзғатувчи вируснинг 7 хил тури: А, О, С, Сат-1, Сат-2, Сат-3, Осиё-1 ва 80 дан зиёд серовариантлари мавжуд. Касаллик қўзғатувчи вируснинг бир тури ёки варианти билан касалланган ҳайвон бошқа тур ёки варианти билан касалланиши мумкин. Оқсил вирусининг ҳар бир тур ва варианти ўзининг иммунобиологик хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилади. юртимизда вируснинг А, О, Осиё-1 турлари ва уларнинг серовариантлари касаллик қўзғатади.
Ҳайвонларнинг касалланиши асосан бошқа ойларга қараганда баҳор ойида кўпроқ кузатилади. Сабаби ҳаммага ҳам маълум ҳайвонлар организми қиш давомида анча сустлашади яъни чидамлилик (иммунитет) даражаси пасаяди. Натижада касалликка мойиллик ошади.
Республикамизда юқумли касалликларни олдини олиш ишлари мавсумий бўлиб, асосан баҳор ва куз ойларида ўтказилади.
Шунинг учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотлари томонидан йилнинг баҳор ва куз ойларида мунтазам равишда ушбу касалликка қарши курашиш ва олдини олиш бўйича илмий асосланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб амалга оширилаётир.
Четдан кириб келаётган вакцина ва диагностикумлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ветеринария илмий-тадқиқот институти лабораторияларида ва Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий марказининг тажриба ҳайвонларида ҳар томонлама ўрганилмоқда.
Илмий асосланган эмлаш жадваллари асосида амалга оширилган тадбирлар ҳар ой якуни билан эмланган ҳайвонлардан намуналар олинмоқда. Тасдиқланган услубий қўлланмалар асосида Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ва бизнинг илмий-тадқиқот институтимиз олимлари томонидан замонавий лабораторияларда касалликка қарши иммунитетлик даражаси аниқланиб, мунтазам мониторинги юритилмоқда.
Ҳайвонлар касаллиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида қисқа муддатларда текшириш ва даволаш ишларини олиб бориш бўйича замонавий жиҳозланган диагностика марказлари ва клиникалари ташкил этилмоқда.
Таъкидлаш керак, республикамиз чорва ҳайвонларининг юқумли касалликларидан холи, эпизоотик вазият барқарор!
– “Овсил” касаллиги кенг тарқалмоқда” деган хабарга қандай муносабатдасиз?.
– Бу бўлмаган гап. Бу ерда журналист, блогер ёки бу хабарга расмий муносабат билдир деётган мутасадди масалани тўлиқ тушунмаган. Чорванинг юқумли касаллиги тарқалмоқда дейиш учун, аввало касалликнинг эпизитологик манзили бўлиши керак. Ундан кейин касалланган молларнинг қон ва бошқа таҳлиллари диагностик текширувлардан ўтказилиб, аниқ ташхис қўйилиши керак. Ундан сўнг фалон жойда шундай касаллик қайд этилди, деб ёзса бўлади. Унда ҳам тарқалмоқда деб эмас. Тарқалмоқда, дейиш учун касаллик ўчоғига яқин бўлган ҳудуд чорваси шу касаллик бўйича тўлиқ мониторинг қилиниши керак.
Бу – жуда катта иш!
PS: Хулоса ўрнида журналист ва блогерлардан, шунингдек, бўлар-бўлмас хабарларга расмий изоҳ талаб қилаётган АОКА вакилларидан сўзнинг, хабарнинг қадрига етишни, турли-туман асосланмаган маълумот тарқатиб аҳоли орасида ваҳима кўтармасликларини илтимос қилардик.