ЧОРВАЧИЛИК СОҲАСИДА ЯНГИ ДАВР


ЧОРВАЧИЛИК СОҲАСИДА ЯНГИ ДАВР


ЧОРВАЧИЛИК СОҲАСИДА ЯНГИ ДАВР

ЧОРВАЧИЛИК СОҲАСИДА ЯНГИ ДАВР

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши туфайли чорвачилик соҳасида янги давр – устувор вазифалар ҳамда истиқболли режаларни амалга ошириш жараёни бошланди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, 2020 йилдан чорвачилик, қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизми яратилади.

Энди чорвачилик субъектларига тижорат банклари ажратадиган кредитлар бўйича компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик, шунингдек, хорижий валютадаги кредитлар учун тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этилмоқда. Сотиб олинган ҳар бир бош наслдор қорамол, интенсив усулда етиштирилган балиқ, ҳар бир бош бир кунлик наслли жўжани импорт қилиш учун хўжаликларга субсидиялар ажратилади. Бундан ташқари, амалдаги ҳаво транспорти тарифларига тегишли тартибда йигирма фоизлик чегирма бериш механизми ишга туширилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мамлакатимизга ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишининг олдини олиш, ҳайвон касалликлари профилактикаси ва даволашнинг замонавий усуллари ҳамда маҳаллий, хорижий фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш йўлга қўйилмоқда. Юқумли касалликларни вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш, тарқалишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тизим ишлаб чиқилмоқда.

Наслчиликнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши чорвадорлар учун муҳим. Эндиликда мамлакатимизда чорва учун 1 минг 30 гектар майдонда озуқабоп ўсимликлар уруғи етиштирилади. Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мақсадида лалми ва яйлов ерларда озуқабоп экинлар экилади. Жорий йилда жами қиймати 880 миллиард сўмлик 278 паррандачилик лойиҳаси ишга тушади. Қиймати 263 миллиард сўмлик йиллик қуввати 35 минг тонна гўшт ва 35 миллион дона тухум ишлаб чиқарадиган 9 паррандачилик кластери фаолияти йўлга қўйилади.

Дарвоқе, Хитой компанияларининг 51 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобига 3 чорвачилик кластери ташкил этилади.

Осиё тараққиёт банкининг қиймати 150 миллион АҚШ доллари бўлган “Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш” лойиҳаси ишга тушади.

Франция Тараққиёт агентлигининг 85 миллион АҚШ доллари грант маблағи ҳисобидан Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида чорвачилик тармоқларини ривожлантириш учун тижорат банклари орқали чорвачилик субъектларига имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Сир эмас, соҳада замонавий, инновацион ёндашувлар асосида тармоқ фаолиятини ташкил этмасдан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, бозор талабини сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашнинг имкони йўқ.

Президентимиз томонидан 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши бу борада айни муддао бўлди. Самарқанд ветеринария медицинаси институти, унинг Нукус ва Тошкент филиалларида хорижий тажрибалар ва қўшма дастурлар, янгича ёндашувлар асосида ўқув режалари қайта ишлаб чиқилмоқда. Қўмита тизимидаги 4 та илмий тадқиқот институти олимлари айни пайтда тизимда илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш ишларига жалб этилган.

Шу йилги қабул квоталарини камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш мақсадида 2020-2021 ўқув йили учун 2400 дан ортиқ қабул квоталари режалаштирилди. Шу билан бирга 700 ветеринария мутахассиси, 2 минг техник-осеменатор малакасини ошириш ҳам белгиланган.

Тармоқни малакали мутахассислар, илмий ва илмий-педагог кадрлар билан таъминламасдан кўзланган натижага эришиб бўлмайди.

Шу боис, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хорижий ҳамкор университетлар билан қўшма таълим дастурлари яратиш, ўқитишнинг модул тизимига ўтиш режалаштирилган.

Бу жараёнга ўқув адабиётлари базасини рақамлаштириш, дунё илм-фани ютуқларининг электрон платформасини ташкиллаштириш, иновацион илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш, замонавий илмий-тадқиқот лабораториялари барпо этиш, ёш олимлар, профессор-ўқитувчиларнинг чет давлатларда малака ошириш кўламини кенгайтириш ҳам киради.

Алоҳида таъкидлаш керак, келгусида илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини таъминлаш учун Самарқанд ветеринария медицинаси академияси (ёки университети) ташкил этилса, мамлакатимиз ветеринария ва чорвачилик соҳаси ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши шубҳасиз.

Муболағасиз айтишимиз мумкин, бугун чорвачилик тараққиёти борасида юксак марраларни нишонга олганмиз.

Президентимиз томонидан имзоланган ҳужжатлар ана шу марраларни забт этишимизда, яъни мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, “даладан дастурхонгача” бўлган узлуксиз занжирни яратишимизда асосий дастуриламалдир.

Шуҳрат ЖАББАРОВ,