БИЛИМЛИ ИНСОН МАЪНАВИЯТЛИ ҲАМ БЎЛИШИ ЛОЗИМ


БИЛИМЛИ ИНСОН МАЪНАВИЯТЛИ ҲАМ БЎЛИШИ ЛОЗИМ


БИЛИМЛИ ИНСОН МАЪНАВИЯТЛИ ҲАМ БЎЛИШИ ЛОЗИМ

Билимли инсон маънавиятли ҳам бўлиши лозим

Дунё тажрибасидан маълумки, мамлакат ривожи билимли ёшларга бевосита боғлиқ. Инсоннинг шахс сифатида ривожланишида эса, болалар боғчаси, мактаб ва олий таълим муассасасининг ўрни жуда катта.

Инсоннинг ижтимоий муносабатларга киришиши бу жараённи тезлаштиради. Демак, шу ўринда таълимни тарбиядан ажратиб бўлмаслигини, улар иккиси биргаликда одамни шахс даражасига кўтаришини эътироф этиш лозим.

Ақлли инсон бу доимо яхши инсон дегани эмаслигини ҳаётда кўп бора учратганмиз. Шу боис, профессор-ўқитувчилар талабаларга қайси миллатдан эканимизни, ўз елкамизда ўз юртимиз шаъни ва ғурурини кўтариб юрганимизни, миллий қадриятларга содиқ бўлиб, дунёнинг энг илғор тажрибаларидан фойдаланиш лозимлигини, лекин ўзлигини йўқотмасликни мунтазам таъкидлаб келади.

Олий таълим шунчаки ўз йўналишида мутахассис кадрлар тайёрлаб бермайди, шунингдек, у ўз Ватанини севувчи содиқ фуқароларни ҳам тайёрлаши керак.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлиги масалаларида аниқ тавсия ва кўрсатмалар берилган.

Ўқув режаси ва дастурларига маънавият соатларининг киритилиши, ҳар бир олий таълим муассасасида махсус жиҳозланган “Маънавият ва маърифат” масканларининг ташкил этилиши талаба-ёшларимизни ватанпарвар шахс сифатида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

2021 йил 19 январдаги маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”, деган фикрни илгари сурганди.

Жамиятимизда маънавиятнинг роли ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Мисол учун, Европа мамлакатларида ота-она ўз боласига кредит бериши табиий, нормал ҳолат ҳисобланади.

Фарзанд улғайиб, вояга етгач, албатта, ўша кредитни қайтармаса, жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Суд бу ҳолатда ота-онага ўша суммани фарзанддан олиб беради ва бу уларда оддий ҳол.
Биз эса бу қарашларни, албатта, онгимизга сингдира олмаймиз. Бу ҳолат бизнинг менталитетимизга мутлақо тўғри келмайди.

Демак, шундан хулоса қилиш мумкинки, ҳар бир миллатнинг тарбия борасида ўз қарашлари бор, унга турлича таъриф беради.

Ҳамма инсонларнинг туғилиши, яшаши ва бошқа табиий хусусиятлари табиатан бир хил – 9 ой она қорнида ётамиз, оч қолсак овқатланамиз, чарчасак дам оламиз ва ҳоказо. Аммо яшаш тарзимиз ҳар хил, қарашларимиз турлича ва одатларимиз ҳам шундай. Ва ҳудудларга хос бўлган мана шу жиҳатлар – одатлар, қарашлар, маданият бизни шахс сифатида, миллат сифатида шакллантиради.

Маънавиятли инсонни мағзи тўқ мевага қиёслаш мумкин. Бундай одамларни йўлдан оздириш, мақсаддан қайтариш қийин. Улар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзлигини унутмайди, қайси миллатдан экани ёдида туради.

Яқинда талабаларимиз бир неча ой давомида Европада, Германияда малака амалиётини ўтаб қайтди.

Барчамизга маълумки, Германия дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бири. Қишлоқ хўжалиги, ветеринария соҳаси бутунлай автоматлаштирилган.

Инсон омили бу ерда фақат бошқариш учун керак, яъни асосий ишларни машиналар амалга оширади.

Лекин талабаларимизнинг бир ҳолати бизни таъсирлантирди. Улар тарихий жойларга саёҳат давомида бошларида ўзбекона дўппи билан суратга тушган эди. Бу кўп нарсани англатиши мумкин.

Ўзбекистон – улуғлар макони, бу ердан буюк инсонлар етишиб чиққан. Халқимиз азалдан оилапарварлиги, ватанпарварлиги, гўзал эътиқоди билан юксак маънавиятли миллат сифатида дунёда тан олиб келинган.

Янги Ўзбекистон фуқаролари, айниқса ёшлари, ана шу жиҳатни ҳамиша ёдда тутишлари лозим.

Маънавиятсиз жамият эса барибир таназзулга юз тутади. Биз ёшларимиз онгига ана шу ҳақиқатларни сингдира олишимиз Ренессанс дегани. Бу том маънодаги Ренессанс бўлади.