БАРЧАМИЗ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ҚАТЪИЙ КУРАШАМИЗ!

Коррупция ва унга боғлиқ бўлган кўпгина муаммолар у ёки бу даражада дунёнинг барча мамлакатларида мавжуд. Бу иллат билан зиддиятли, кўп куч ва маблағ талаб этадиган курашни ташкил этишдан кўра, унинг олдини олиш муҳимроқ. Масаланинг муҳимлиги шундаки, мамлакатда ижтимоий ва иқтисодий соҳалар қай даражада коррупциялашган ва бу мамлакат равнақига тўсиқ бўлмаяптими? Буни доимо ёдда тутиш керак.
Таълим соҳасидаги коррупцион вазиятларга келсак, биринчидан тизимда салбий кўринишлар тезда кўзга ташланмаслиги мумкин, аммо яқин ва узоқ келажакда миллатнинг интеллектуал салоҳиятини пасайтириб, ёшлар руҳиятига тўғридан-тўғри таъсир ўтказмоқда.
Баъзан мансабдор шахслар зиёлиликни олимлик билан адаштирадилар ва тизимли хатоларга йўл қўйишади. Масалан, ОТМларининг рейтингини тузишда псевдоилмий мезонларга кўпроқ жой ажратилади ёки нашрий фаолликка формал баҳо берилади. Замонавий Ўзбекистоннинг ривожланиш даражаси ҳамда демократик жамият шаклланиши учун жавобгарлик ишониб топширилган, ўсиб келаётган авлоднинг тарбиясига қизиқувчи ҳамда ҳалқ хўжалиги соҳаларини рақобатбардош кадрлар билан таъминлашга жонбозлик кўрсатувчи барча касбдошларга мурожат этиб, шуни илтимос қилмоқчиманки, жасорат кўрсатиб, ўз мажбуриятларингизга виждонан ёндашинг, Президентимиз ҳамда ҳукуматимиз топшириқларини виждонан бажаринг, қабул қилинган қарорлар учун жавобгарликни ўз зиммангиздан соқит қилманг!

Қай бир соҳада жиноятчилик содир этилса, бутун дунёда бу соҳанинг энг юқори раҳбарияти истеъфога чиқарилади ва жамоатчилик хабардор этилиб, вазият назоратга олиниб, тартиб сақланади. Агар биз ривожланган, демократик ва очиқ жамият бўлишни ҳохласак, замонавий аҳлоқ қоидаларини ўрганишимиз лозим.
Яқинда Бош прокурор томонидан ўтказилган йиғилишнинг долзарблигини алоҳида эътироф этиш ўринли, деб биламан. Прокуратура нафақат таълим соҳасидаги турли камчиликлар ва жиноятларни топиб, текшириб, жазолайди, балким уларнинг олдини олади ҳам. Менимча, жиноий ишларни олдини олишга йўналтирилган профилактик чораларни янада кучайтириш зарур. Масалан, жиноий ҳаракатлар эпизодларини аниқлаш, кўрсатиш ва жазоларни ўташ тахлил қилиниши билан биргаликда бу хилдаги салбий ҳолатларнинг қонуний баҳоси ҳам очиқланиши керак.
Кўп йиллар мобайнида коррупцион тизимнинг турли кўринишларига эътибор берилмай келинди, бу эса ўз ўрнида таълим тизимининг кўпгина хизматчиларига истаган ноқонуний ишларини қилишга имкон яратди. Айрим кишилар томонидан айни дамдаги халол ва хаққоний меҳнат қилишга бўлган талаблар жиддий қабул қилинмаяпти. Улар Президентимиз томонидан мақсад қилинган замонавий жамият ривожининг ошкора ва қонунийлигини рад этишмоқда. Бундайлар билан бошқача ишлашга тўғри келади, токи янгиланишларни тушуниб олишлари учун.
Жамиятимиз барқарор ривожланиши учун қонун доирасида таълим соҳасида тизимли коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш лозим.
Бунинг учун;
-коррупцияни тубдан йўқотиш;
-порахўрликдан воз кечиш;
-ўқитувчи ва талаба ўртасидаги яширин пул йиғишларнинг ҳар қандай шаклларидан узоқлашиш;
-ОТМ талабларини бажариш ва таълим сифатини оширишни шунчаки рейтинг ва ҳисобот учунгина бажармаслик ;
-ўқитувчиларнинг таълим бериши ҳар қандай турларга (маъруза, семинар, амалий машғулотлар ва бошқалар) мос келиши;
-тайёргарликнинг барча йўналишлари бўйича замонавий адабиётлар билан тўлиқ таъминланиш;
-баъзи бир талабаларнинг ўқитувчиларни ноқонуний ишларга ундашига қарши бу йўналишлар бўйича профилактика ўтказиш;
-ОТМ моддий-техник базасини янгилаш
-Таълим соҳасида (айниқса охирги вақтларда) текширувчилар кўп.
(Баъзида текширувчиларнинг ўзлари турли салбий вазиятлар иштирокчисига айланиб қолаётгани)
Таъкидлаб ўтиш жоизки, замонавий Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши таълим соҳасидаги жараёнлар билан ҳам бевосита боғлиқ,
Шунинг учун Прокуратура, ИИВ, Миллий гвардия ва бошқалар таълим тизимидаги коррупция ва бошқа салбий ҳолатларни олдини олиш ҳамда йўқотиш учун таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик қилишлари керак.
Бу муаммони ечмай туриб, ҳеч бир соҳада натижага эришиб бўлмайди. Коррупция муаммосини бартараф этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.