ҲАР БИР ТАРМОҚДА ИХТИРО ҚАНЧА КЎП БЎЛСА, МУШКУЛ ШУНЧА ОСОНЛАШАДИ


ҲАР БИР ТАРМОҚДА ИХТИРО ҚАНЧА КЎП БЎЛСА, МУШКУЛ ШУНЧА ОСОНЛАШАДИ


ҲАР БИР ТАРМОҚДА ИХТИРО ҚАНЧА КЎП БЎЛСА, МУШКУЛ ШУНЧА ОСОНЛАШАДИ

Ҳар бир тармоқда ихтиро қанча кўп бўлса, мушкул шунча осонлашади

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ҳаёт давомида ўқиш” тамойили ҳақида сўз юритилиб, назария ва амалиёт уйғунлигисиз ҳеч қандай натижага эришиб бўлмаслиги, шунинг учун давлат идоралари ва ишлаб чиқариш субъектлари ҳамда таълим жабҳасидаги узвий ҳамкорлик йўлга қўйилиши алоҳида таъкидланган эди.

Бугун илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги қай тарзда? Фан ютуқлари амалиётга қай даражада татбиқ этилаяпти? Бу борада иқтисодиётнинг турли тармоқларида қандай тизимлар мавжуд?

Шу каби саволларнинг ветеринария ва чорвачилик тармоғидаги жавоблари хусусида ЎзА мухбири Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов билан суҳбатда бўлди.

– Айтингчи, сиз фаолият юритаётган қўмита фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги тамойили бўйича қандай ишларни амалга оширмоқда?

– Мазкур тамойил асосида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тизимдаги мутахассислар ва чорвачилик, балиқчилик ҳамда паррандачилик йўналишларида фаолият юритаётган хўжалик мутахассисларининг малакасини узлуксиз ошириб бориш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик йўналишлари бўйича йил давомида бўлиб ўтадиган махсус ўқув-семинарлари ташкил этилди. Шу кунга қадар вилоятларда соҳа олимлари, мутасаддилар иштирокида 25 марта ўқув-семинарлари ўтказилди. Семинарларда жами 3500 нафардан ортиқ чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик йўналишларида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари, ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ҳамда 500 дан зиёд мутахассислар иштирок этишди.

– Хорижда ишлаб чиқилаётган перепаратларни маҳаллийлаштириш ва ўзимизда ихтиро қилинаётган ветеринария дори воситалари хусусида қандай янгиликлар бор?

– Мутахассис ва олимлар томонидан хорижда яратилган самарадорлиги юқори перепаратлар, қўшимча озуқалар босқичма-босқич маҳаллийлаштирилмоқда. Олимларимиз янги дори воситаларини ихтиро қилмоқда. Дейлик, йил бошида Ветеринария илмий тадқиқот институти олимлари томонидан чорва ҳайвонларининг туберкуллёз (сил) касаллигини тезкор аниқловчи антиген ихтиро қилинди ва кенг кўламда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Тадқиқот устида иш олиб борган олимлар жамоасининг фикрича, ўтган йилнинг август ойида Тошкент вилоятининг чорвачилик хўжаликларида мазкур антигеннинг клиник синовлари ўтказилган ва 98,2 фоиз самарадор эканлиги исботланган. Айни пайтда мазкур антигенни кенг кўламда ишлаб чиқариш учун ветеринария дори воситаларини ишлаб чиқарувчи “BIOVET” МЧЖ ва Ветеринария илмий тадқиқот институти ўртасида бир юз ўн бир миллион сўмлик шартнома имзоланган. Ўзбек олимлари томонидан ихтиро қилинган мазкур антиген чорва ҳайвонларининг туберкуллёз (сил) касаллиги қўзғатувчисини бугун дунё бўйлаб ишлатилаётган шу турдаги воситалардан икки баробар тез ва юқори сифатда аниқлаши тасдиқланди.

– Ажойиб янгилик экан!

– Албатта. Яқинда қўмита раисининг чорва моллари ва паррандаларнинг гельминтозларига қарши маҳаллий воситаларни амалиётга татбиқ этиш тўғрисидаги буйруғи чиқди. Бу ҳам юқорида сиз тилга олган хорижий дори воситаларни маҳаллийлаштириш ишлар сирасига киради. Айни пайтларда чорва молларининг фасциолёз, шистосомоз (ориентобильгарциоз) ва парамфистоматозларининг олдини олишда янги, маҳаллий моллюскоцид воситаларни қўллаш бўйича қўлланма яратилмоқда. Қўй гельминтозларига қарши албендазол, мис купороси ва туз аралашмасини тайёрлаш ва қўллаш бўйича қўлланма тайёрланди. 

Қоракўлчилик хўжаликларида гельминтозларга қарши янги кимёвий восита-бентонитли антигельминт-туз аралашмаларни қўллаш бўйича қўлланма ва йўриқномалар ишлаб чиқилмоқда. Парранда маҳсулдорлигини рағбатлантирувчи восита – госсипрен ва уни қўллаш бўйича қўлланма устида ҳам ишлар олиб бормоқдамиз. Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари базасида илмий ечилмаларни амалиётга кенг жорий этиш мақсадида, чорвачилик ва паррандачилик фермер хўжаликларига шартнома асосида пуллик ветеринария хизмати кўрсатиш тизимини ташкил этмоқдамиз. Албатта, пуллик ветеринария хизматидан тушган маблағлар ҳисобидан зарурий воситалар, дори-дармонлар, асбоб-ускуналар сотиб олишимиз ва илмий ечилмаларни амалиётга татбиқ этишимиз осон кечади.

Тан олиш керак, тармоқда ихтиро кўп бўлса, чорвадорнинг мушкули осонлашади!