ЖАҲОН БАНКИ ЭКСПЕРТЛАРИ: “ЎЗБЕКИСТОНДА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ СТРАТЕГИЯСИНИ ТЎЛА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАЙМИЗ”

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида “Zoom” платформаси орқали Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси муҳокамаларига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.
Унда қўмита раиси Баҳром Норқобилов, “Ўзбекчорванасл” агентлиги бош директори Абдурасул Абдуллаев, Жаҳон Банки экспертлари, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, билан биргаликда қўмита ва “Ўзбекчорванасл” агентлиги масъул ходимлари ҳамда худудий мутахассислар иштирок этишди.
Музокаралар аввалида қўмита раиси Баҳром Норқобилов бугунги кунда мамлакатимизда чорвачилик соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар хусусида сўз юритди. Онлайн мулоқот чоғида Ўзбекистонда чорвачилик тармоқларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишда жаҳон тажрибаларини тадбиқ этиш, минтақада чорвачилик комплексларини кўпайтириш, маҳсулдорликни ошириш ҳамда чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Жанубий Кореянинг “KOPIA” маркази билан ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳамда худудларда чорвачиликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларга хусусида ҳам фикр юритилди.
Жаҳон Банки экперти Теклу Тасфей фикрича, бу соҳани янада ривожлантириш минтақа учун зарур аҳамиятга эга. Шу орқали маҳсулдорликни ошириш ва мамлакатни чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга эришиш мумкин. Яна бир жиҳат – чорвачилик хўжаликлари фаолиятини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратиш лозим.
Мулоқотда миллий конгсултант Умид Назарқуловнинг соҳага доир тақдимоти ҳам намойиш этилди. Жаҳон Банкининг яна бир эксперти Соломон Деста мазкур стратегия тақдимоти бўйича сўз юритаркан, уни тўлақонли қўллаб-қувватлашини билдириб, унда соҳа истиқболи учун амалга оширилиши лозим бўлган қатор масалалар кўрсатиб ўтилганлигига урғу берди.
Шунингдек, мамлакатимизда тармоқни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. - "Соҳани жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишда юқори маҳсулдорликка эътибор қаратиш, бунинг учун мавжуд озуқа экин майдонларидан унумли фойдаланиш, натижада аҳолини чорва маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондиришга эришиш мумкин", – дея такидлади халқаро эксперт.
– “Соҳада ишлаб чиқариш ресурсларини мувофиқлаштириш, давлат ветеринария хизматини ривожлантириш ва чорва озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажмини ошириш олдинда турган энг долзарб масалалардан", – дея изоҳлади Соломон Деста.
Айниқса, илмий-инновацион ёндашувларга асосланиш, соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш, замонавий технологиялар ва илғор ҳорижий тажрибаларни кенг жорий этиш ҳамда етук кадрларни тайёрлаш баробарида фан ва амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш соҳанинг муҳим бўғини эканлигини алоҳида эътироф этди.
Мулоқот давомида озуқа ишлаб чиқариш хажмларини ошириш, уруғчиликни ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мулоқотда халқаро эксперт бугунги глобаллашув жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланиш – соҳа истиқболидаги ягона таянч нуқтаси эканлигига эътибор қаратди.
Унинг қайд этишича, ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш тадбирлари баробарида наслчилик-селекция ишларини жадал ривожлантириш мазкур тармоқ ривожига катта туртки беради. Чунки чорва наслининг яхшиланиши юқори маҳсулдорликка эришишни кафолатлайди. Бу эса маҳсулот ҳажми ортишига замин яратади.
Шу билан бирга ҳайвонларни электрон назорат қилиш ва бу борада рақамли технологиялардан унумли фойдаланиш бугун кўпгина мамлакатларда қўлланилмоқда. Агар Ўзбекистонда ҳам ушбу тизим тўлиқ жорий этилса, соҳа ривожи учун янги имкониятлар эшиги очилади. Яъни бу борада тўлиқ электрон назорат ўрнатилади.
Шунингдек, чорва маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари фаолияти ҳам бирмунча кенгаяди.
Мулоқот давомида чорвачилик тармоқлари учун озуқа экин майдонларидан самарали фойдаланиш, озуқа рационини тўғри тақсимлаш, парвариш жараёнида жонзотларни сақлаш жойлари ва муҳитига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Видеоконференция сўнггида жаҳон Банки экспертлари томонидан соҳани янада ривожлантиришга оид таклифлари тингландди ҳамда келгусидаги ҳамкорлик жараёнлари бўйича келишиб олинди.






