Ветеринария ва чорвачилик соҳаси кадрларини тайёрлашда халқаро ҳамкорлик


Ветеринария ва чорвачилик соҳаси кадрларини тайёрлашда халқаро ҳамкорлик


Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йил АҚШга ташрифи чоғида 18 сентябрь куни океанортида яшаётган, таълим олаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашган эди.

Мулоқотда давлатимиз раҳбари мамлакатимиз модернизациясига кўмаклашишда ватандошларимизда улкан салоҳият борлигига эътибор қаратди. Дарҳақиқат, турли соҳаларда халқаро тажрибани ўрганиш, изчил алоқалар ўрнатиш муҳим саналади.

Бугун ҳар томонлама самарали тажрибани ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш учун вазирлик ва давлат идораларимизда самарали ишлар олиб борилмоқда.

Айни дамда Америка Қўшма Штатларида бўлиб турган Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мутахассисларидан иборат делегация аъзолари белгилаб берилган вазифалар ижросини амалга ошириш учун USAID вакиллари билан соҳада кадрлар тайёрлаш бўйича музокаралар олиб борди.

Қўмита ахборот хизматидан маълум қилинишича, делегация раҳбари – қўмита раисининг биринчи ўринбосари Ш.Жаббаров ва USAID мутасаддилари мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш сифатини такомиллаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олган.

Шунингдек, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети билан АҚШнинг Миннесота университети ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, кадрлар алмашинуви кўламини кенгайтириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳамкорликни амалга ошириш бўйича икки томонлама “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети билан Миннесота университети ўртасида бажарилиши 2020-2024 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистонда ветеринария таълимининг твиннинг лойиҳаси” амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида АҚШнинг энг нуфузли университетларида ўқув семинарлари ташкил этилиб, Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг профессор-ўқитувчилари иштироки таъминланмоқда.