"ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ!"




 

Она Тилим Фахрим

Бугун ўзбек тилини ривожлантириш, унинг қадр-қимматини жойига қўйиш, халқаро нуфузини янада ошириш борасида тарихий ишлар амалга оширилаётган даврда яшаяпмиз.

   Бу каби эзгу саъй-ҳаракатларда фаоллик кўрсатиш, давлат тилига куюнчаклик билан муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз саналади.

   Ҳозирда вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмаларида фаолият юритаётган маслаҳатчилар ўз соҳаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаб, ўзбек тилини ривожлантириш, давлат тилида иш юритишни ташкил этиб келмоқдалар.

   Албатта, бу жараёнда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда олдинда ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар ҳам турибди. Ушбу вазифалар ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан босқичма-босқич ҳал этиб келинмоқда. Бунда Департамент ва жойлардаги маслаҳатчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги самарали омиллардан бўлиб хизмат қилмоқда.

   Маълумки, вазирлик тизими халоскорлари мунтазам равишда аҳоли орасида юрадилар. Аҳоли билан ўтказиладиган профилактик тадбирлар жараёнларида давлат тили тарғиботига ҳам асосий эътибор қаратиш лозим.

  Ёш авлод вакилларининг нутқини адабий тил меъёрлари талаблари асосида шакллантириш учун куйиб-пишиб ҳаракат қилмасак, улар ҳам "пожарний" қабилида айтаверадилар. Бу билан ўзга тил имкониятларини танқид қилмоқчи эмасмиз, аксинча ҳар бир тилга эътибор ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини айтмоқчимиз. Аслида маълум тилга оид сўзни ўзга тил таркибида аралаш-қуралаш, "мошкичири" шаклида ишлатиш ўша тилга ҳам ҳурматсизлик-ку!

    Шундай экан, Ўзбекистон фарзанди, фуқароси эканмиз, давлат тилини ҳурмат қилишимиз, унинг такомилига ҳисса қўшишимиз зарур.

   Бунинг учун эса ҳар доим она тилимизни севишимиз, ардоқлашимиз, уни тарғиб этишда фаоллик кўрсатишимиз, ишда, оилада ушбу вазифага виждон иши сифатида қарашимиз, фарзандларимизни она тилига юксак ҳурмат-еҳтиром руҳида тарбиялашимиз лозим.