Марказий банк дори-дармон ва озиқ-овқат нархлари кескин ошиши эҳтимолидан огоҳлантирди


Марказий банк дори-дармон ва озиқ-овқат нархлари кескин ошиши эҳтимолидан огоҳлантирди


 

  Гўшт импорти ошаётганига қарамай, нарх қимматлашдан тўхтамаяпти. Марказий банк ҳукуматни ҳудудларда чорва учун озуқа базасини кўпайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишга чақирди.

       Келгуси ойларда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ўзгариши шароитида дори-дармонлар, тиббий хизматлар ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин ошиши мумкин. Марказий банк ҳукуматни бунинг олдини олиш бўйича чора кўришга чақирди.

        Пул бозори регулятори, шунингдек, карантин билан боғлиқ чекловларнинг умумий овқатланиш, транспорт ва етказиб бериш хизматлари соҳаларидаги нархларга таъсирини камайтириш зарурлигини ҳам қайд этган.

     Бу ҳақда Марказий банк Бошқарувининг 29 июл кунги йиғилишида қабул қилинган қарорлар бўйича расмий шарҳда сўз боради. МБ релизида қайд этилишича, гўшт маҳсулотлари ва қорамоллар импорти ҳажмининг ошиб боришига қарамай, ички бозорларда гўшт маҳсулотлари нархларининг ўсиш динамикаси сақланиб қолади. Бу эса ҳудудларда чорва учун зарурий озуқа базасини кўпайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш орқали бу маҳсулотларнинг барқарор таклифини шакллантириш бўйича тизимли ишларни амалга оширишни тақозо этади.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг июнь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси май ойида кузатилгани каби 10,9 фоизни ташкил этиб, сўнгги 4-5 ойдан бери деярли ўзгаришсиз шаклланмоқда. Июнь ойида ўтказилган сўровларга кўра, келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 16,3 фоизни ташкил этиб, март ойига нисбатан 0,8 фоиз бандга ўсди. Инфляция ҳам, инфляцион кутилмалар ҳам юқори даражада қолаётгани ҳамда уларнинг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришига таъсири катталиги инфляцион вазиятни кучайтириши мумкин. Марказий банк инфляция бўйича 2021 йил учун прогноз кўрсаткични 9-10 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Шунингдек, асосий ставка ҳам йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолинди.

Аввалроқ, МБ йил якунлари бўйича Ўзбекистон ЯИМ реал ўсиш суръати прогнозини 4,5–5,5 фоиздан 5,8–6,8 фоизгача оширган эди.