ГЎШТ ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА ҚОРАМОЛ БОҚИШДА КОРЕЯ ТЕХНОЛОГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА


ГЎШТ ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА ҚОРАМОЛ БОҚИШДА КОРЕЯ ТЕХНОЛОГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА


ГЎШТ ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА ҚОРАМОЛ БОҚИШДА КОРЕЯ ТЕХНОЛОГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА

Тошкент вилояти Янгийўл тумани аҳолиси хонадонларида Жанубий Корея технологияси асосида боқилган қорамолларни баҳолаш жараёнига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Жанубий Кореянинг KOPIA маркази вакиллари, Тошкент давлат аграр университети олимлари, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари ва туман фаоллари иштирок этди. Унда аҳоли хонадонларида қорамол боқишнинг замонавий технологиясини жорий қилиш, арзон ва сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар келгусида ўз самарасини бериши таъкидлаб ўтилди. 

 

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда қишлоқ хўжалиги тармоғининг ўрни ниҳоятда муҳим. Президентимизнинг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу саъй-ҳаракатларни амалга оширишда хорижий ташкилотларнинг ҳамкорлиги тизимга янги ташаббусларни жорий қилиш имкониятини бермоқда. 

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстона алоқалар қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ўз самарасини бермоқда. Ҳудудларимизда ушбу давлат сармоядорлари, мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган турли лойиҳалар бунинг ёрқин далилидир. Хусусан, бир неча йиллардан буён KOPIA маркази билан ҳамкорликда муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мазкур тадбирда KOPIA маркази директори, Тошкент давлат аграр университети фахрий профессори Ан Хи Сунг мазкур йўналишда олиб бораётган изланишлар, янги ютуқлар хусусида маълумот берди. 

2018 йилда марказ Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти билан бирга юртимизда сифатли мармар гўшт етиштириш лойиҳасини бошлаган эди. 2020 йилгача мўлжалланган мазкур лойиҳа бўйича ҳар бир вилоятдан 30 та хонадонга 3 бошдан қорамол олиб берилди. Шу вақт давомида қорамоллар Жанубий Корея технологияси асосида махсус рацион билан боқилиб, доимий назоратга олинди. Мақсад аҳоли хонадонларида жаҳон бозорида энг қиммат ҳисобланмиш мармар гўшт етиштириш технологиясини тарғиб қилишдир. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион 350 минг долларга тенг бўлиб, жойларда томорқа хўжалиги бор аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини оширишга хизмат қилади. 

Маълумотларга кўра, бугунги кунда қорамолнинг 94 фоизи аҳоли хонадонларида боқилади. Сўнгги пайтларда гўшт нархи ошгани борасида турли фикрлар билдирилмоқда. Баъзилар бу ҳолатни чорва молларини боқиш харажатлари ошаётгани каби омиллар билан изоҳламоқда.

Кореялик мутахассислар бугун аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар жараённи ўрганган ҳолда қорамолларга юқори қувватли маккажўхори, буғдойдан тайёрланган ем, сомон ва пичанни махсус аралаштириб, кундалик режим асосида беришни амалиётга татбиқ қилди. Кўрилаётган натижадан эса лойиҳада иштирок этаётган аҳоли мамнун. 

Семинарда иштирокчилар тумандаги “Ниёзбоши” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги аҳоли хонадонларида қорамолларни боқиш жараёни билан танишди. Мутахассислар чорвани озиқлантириш тартиби бўйича атрофлича маълумот берди. 

Рустам Аҳмедов беш бош қорамолни ушбу технология асосида парваришламоқда. 

– Тавсия бўйича боқаётган қорамолларимиз одатдагига нисбатан анча тез ўзгарди, – дейди Р.Аҳмедов. – Бундан ташқари, авваллари қорамолга ем, сомон берганимизда кўпи чиқитга чиқар эди. Янги усулни қўллаганимиз туфайли тайёрланган озуқа узоқ вақтга етади. Сарф-харажатимиз ҳам камайди. Шу иш билан шуғулланувчи қўшниларимиз ҳам бу борада керакли тавсияларни олмоқда. Муҳими, ишимиз самарадорлиги ошиб, вақтимиз тежалмоқда. 

Ташкилотчилар томонидан 2018 йилда мазкур лойиҳада қатнашган вилоятлардаги 28 нафар фуқаро Жанубий Кореяга қорамол боқишнинг замонавий технологияси бўйича малака оширишга юборилди. Шу асосда ҳудудларда аҳоли ўртасида мунтазам тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Фарғона вилоятининг Фурқат тумани Томоша маҳалласи аҳолиси ушбу усулда боқаётган қорамолларнинг тирик вазни 400 килограммдан ортиқни ташкил этмоқда. Бу лойиҳада энг ташаббускор ва яхши натижага эришаётганлар ҳам шу ҳудуд аҳолиси ҳисобланади. Лойиҳанинг навбатдаги босқичида аҳоли хонадонларидаги қорамолларнинг наслини яхшилаш борасида селекция ишлари олиб борилади. 

Тадбирда қатнашган туман фаоллари мутахассислардан мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.