«Ўзбекистонда уй шароитида ўн бошдан ортиқ қорамол боқилсагина фойда келтириши мумкин» — Ветеринария қўмитасининг германиялик консультанти


«Ўзбекистонда уй шароитида ўн бошдан ортиқ қорамол боқилсагина фойда келтириши мумкин» — Ветеринария қўмитасининг германиялик консультанти


        Ўзбекистонда уй шароитида уч-тўрт бош қорамол боқиб даромад олиб бўлмайди.  Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлатнинг озуқабоп экинлар бўйича халқаро консультанти Вильхелм Крузе «Дарё» мухбирига берган қисқача интервьюсида айиб ўтди.

           Германиялик консультант Вильхелм Крузе бир неча ўн йилдан буён ҳайвонлар учун озуқабоп экинларни етиштириш бўйича ўзбекистонлик фермер хўжаликларига ёрдам бериб келади.

        Мутахассиснинг фикрича, катта фермер хўжаликларидан фарқли ўлароқ, уй шароитида боқилаётган қорамолларнинг аксарига етарлича озуқа берилмайди.

     «Катта фермер хўжаликларида чет элдан келтирилган қорамоллар соғлом ва яхши шароитда сақланади. Лекин оилавий деҳқончилик хўжаликларида қорамоллар ёмон аҳволда боқилаётганига кўп гувоҳ бўламан. Масалан, бир дона қорамолни ташқарига олиб чиқиб, қозиққа боғлаб қўйилади ва у қозиқ атофида бир сутка давомида айланиб юраверади. Ва бунга, албатта, озуқа маҳсулотларини етиштиришдаги қийинчиликлар ҳам сабаб бўлмоқда. Мутахассис сифатида кичик деҳқон хўжаликларига озуқа сифатида янчилган маккажўхори, беда ва хашаки лавлаги етиштиришни тавсия қиламан», — деди Вильхелм Крузе.

     Германиялик консультантнинг таъкидлашича, яқин истиқболда ҳам, узоқ истиқболда ҳам уч-тўрт бош қорамол боқувчи деҳқончилик хўжаликларининг ривожланиши жуда қийин.

        «Истиқболи йўқ, деб айтолмайман. Жуда қийин. Чунки Европада ҳам 50 йил аввал 10-15 бош қорамоли бор хўжаликлар кўп эди. Кейинчалик 200 бош қорамоли бор хўжаликлар сақланиб қолди. Лекин улар ҳам секин-аста инқирозга учради. Ҳозир эса минг бош қорамолдан кам бўлган хўжаликлар фойда келтирмаяпти. Болалигимда 20 бош қорамолимиз бор эди. Ўтган асрнинг 70 йилларига келиб қорамолларимиз сони 40 бош бўлди. Ҳозирда бир оилада камида 200 бош қорамол боқилади. Яна айтишим керакки, биз Европа Иттифоқида қайтариб бермаслик шарти билан ҳар бир гектар озуқа майдони учун 200-300 еврогача маблағ оламиз. Ўзбекистонда ҳам келажакда камида ўн бош ёки ундан кўп қорамолдан иборат деҳқончилик хўжалиги яшаб кетиши мумкин», — деди мутахассис.

      Унинг қўшимча қилишича, озуқа етишмовчилигидан ташқари қорамол боқиш учун бино қуриш ва қорамолларга сифатли ветеринария хизматини кўрсатиб бориш ҳам қиммат туради.

       Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси берган маълумотга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли қарамоғида жами 12 миллион бош қорамол боқилади. Шундан 4 миллион 431 минг 500 бош соғин сигирни ташкил этади.