Ўзбекистонда қанча ҳайвон «паспорт»ли бўлгани айтилди


Ўзбекистонда қанча ҳайвон «паспорт»ли бўлгани айтилди


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Алишер Сафаров 9 июль куни ўтказилган брифингда Республикада идентификация қилинган ҳайвонлар ва соҳада олиб борилган амалий ишлар тўғрисида маълумот берди (https://daryo.uz/k/2021/07/09/ozbekistonda-qancha-hayvon-pasportli-bolgani-aytildi/), деб хабар бермоқда (https://uznews.uz/uz/article/32521/) UzNews.

Унинг сўзларига кўра, VIS-CHINOR ягона электрон маълумотлар базасига бугунги кунда чорвачилик хўжаликларига тегишли бўлган 160 мингдан ортиқ идентификация қилинган ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотлар киритилган.

Алишер Сафаровнинг қўшимча қилишича, республикада ветеринария хизматини ривожлантиришга Жаҳон банки ва Европа Иттифоқининг ҳар бири томонидан 2 миллион доллар грант ажратилди.

Ушбу грантлар доирасида ҳар бир вилоят учун 1 тадан ветеринария назорати остидаги объектларни дезинфекция ва дезинсекция қилувчи махсус автотранспорт, совиткичли автомобиллар, 25 та замонавий видеоконференцалоқа жиҳозлари, минг донадан ортиқ автомат шприс ҳамда 24 та чегара ветеринария назорати пунктларига замонавий лаборатор экспресс-анализаторлар (овоскоп, РН-метр, термометр, лактан), крематорийлар харид қилиниб, жойларга етказиб берилган.

Эслатиб ўтамиз, «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармонига кўра, Ўзбекистонда барча жониворлар (йирик ва майда шохли қорамоллар, чўчқалар, отлар, эшаклар ва туялар, шунингдек, кучук ва мушуклар) босқичма-босқич идентификация қилиниб, ягона электрон ахборот тизимига киритилади.

Ҳайвонларга қулоқ учун бирка (йирик ва майда шохли қорамол, туя ва чўчқаларда), тавро ёки клейма (от ва эшаклар), жетонларда (кучук ва мушуклар) акс эттирилувчи индивидуал рақам берилади. Идентификация олиш шартномага асосан пулли тартибда амалга оширилади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш хизмати учун қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:

— ҳар бир қорамол, от, эшак ва туялар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи;

— ҳар бир қўй, эчки ва чўчқалар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 фоизи;

— ҳар бир ит ва мушуклар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 фоизи.